Дунёда китобларни ёқишдан ҳам даҳшатли жиноят бор…

 Китоб – офтоб. Заминни, она табиатни офтоб иситса, одам қалбини китоб илитади, нафақат илитади, балки ёритади, нурлантиради. Китобга энг қисқа таъриф бериш жоиз бўлса, уни маънавият қуёши деб таърифлаш ўринлидир.

Ҳаётни севган киши китобни севади, зеро, китоб – ҳаёт қомуси, китоб – дардкаш, ҳамсуҳбат, китоб – муаллим, китоб –илҳомчи.

Инсон бутун умри давомида китоб билан ҳамкор ва ҳамнафасдир, тарихда одамлар, қабилалар, ҳатто буюк давлатлар ҳам йўқ бўлиб кетган, лекин китобда уларнинг ҳаёти сақланиб қолган. Буюк мутафаккир Абу Райҳон Беруний: “Ахборот турларидан бири, балки муҳимроғи китобат ёзувидир, агар у бўлмаганда, қадимий воқеалар, илмлар ҳақида маълумотларга эришиб бўлмас эди”,- деб ёзади.

Ҳозирги замон кишиси китоб асрида яшамоқда. Чунки жаҳонда ҳар куни ярим миллиондан зиёд китоб босилиб чиқади.

Биласизларми, машҳур киноактёр кунг-фу устаси Брюс Ли китоб мутолаа қилишни жудаям яхши кўрар, уларга ғояларнинг сарчашмаси деб қараган экан. Брюс Лининг кутубхонасида фалсафий китоблар ҳар қандай америкалик файласуфнинг китоблариданда кўп бўлган.

Ўрта асрларда хорижий мамлакат зодагон оилаларида бир удум бўлган экан: мутолаага сусткашлик қилган фарзанд ота-она меросидан маҳрум этиларкан. Шунга ўхшаш одат ҳозир ҳам баъзи мамлакатларда бор. Масалан, Мексикада полиция ходимлари ҳар ойда лоақал битта китоб мутолаа қилмаса, ишдан бўшатилади. XIX асрнинг ўрталарида Бухоро мадрасалари фаолияти билан танишган Н.Ханиковнинг гувоҳлик беришича, мадрасанинг тўлиқ курсини ўқиб тугатиш учун толиб тахминан 137 та китоб ўқиши талаб этилган экан. Бизнингча, бу муносабатлардан кўзланган асосий мақсад – одамларни мунтазам мутолаа билан шуғулланишга даъват этиш, китобга меҳр уйғотишдир.

Статистика маълумотларига кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади.

Китоб ўқишни xуш кўрадиган болалар мактабда ҳам яхши ўқишади. Улар грамматикани ҳам, математикани ҳам яхши ўзлаштиришади.

Китоб ёки журнални Интернет саҳифаларидан ҳам ўқиса бўлади. Аммо Интернетда китобга хос ҳид йўқ, саҳифаларни варақлашдек ҳузур йўқ. Энг асосийси, уни ёстиғинг тагига қўйиб бўлмайди.

Бобокалонларимиз китоб топишга қийналар эдилар: ҳозир эса биз китоб танлашга қийналамиз. Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ керак.

Атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг “Ҳуррият” газетаси мухбирига берган интерьвюсидан  парча:

-Озод ака! Болалик чоғларингизда китоб оламига кириб келишингиз қандай кечган?

-5-6 ёшларимда чўмилишни яхши кўрар эдим-у, сузишни билмас эдим. Бир куни болалар қийқиришиб чўмилиб юрган анҳорни кўрдим-у, югура келиб ўзимни сувга отдим. Анҳор чуқур экан. Табиийки, чўка бошладим. Катта болалар бир амаллаб қирғоққа олиб чиқиб қўйишган. Менинг китоблар оламига кириб келишим ҳам шунга ўхшаш тарзда содир бўлган – ҳали ўқишни ўрганиб-ўрганмас, ўзимни китоблар уммонига отганман. Бу уммон ҳам чуқур экан, лекин буни қарангки, бу уммонда чўкмай ҳануз сузиб юрибман.

Кенгроқ мушоҳада юритадиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмокда. Бу борада жамият ҳаётида эзгу – кадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халкимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онги, тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда она-Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор каратилмокда…

  Муҳтарам Президентимиз Шавкат  Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутоаласи ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар  дастури тўғрисида”ги  ПҚ-3271-сонли қарори адабиётимиз ривожига, китобхонлик маданиятини юксалишига қаратилган тарихий воқеа бўлди. Бу қилинаётган ишлардан асосий мақсад битта – баркамол авлодни бўш вақтларини бекор ўтказмасдан кўпроқ китоб ўқишга ундаш. Ҳаммамиз биламизки,  кўп китоб ўқийдиганларгина жамиятда катта ўзгаришлар қила олади ва улар ҳаёт пешқадамлари бўла олишади.

   Шуни ҳам айтиш жоизки, истиқлол йилларида миллий адабиётимизга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу айниқса, ёш ижодкорларга яратиб берилаётган имкониятларда яққол намоён бўлади. Айнан адабиёт соҳасида  кўплаб танловлар мунтазам ўтказилмоқда, ғолибларни ва фаол иштирок этганларни тақдирлашмоқдалар.

Жумладан, “Ёш китобхон”, “Навоий ворислари” Республика кўрик-танловлари, “Сухандон ўқувчи”, “Ноёб иқтидор соҳиби” туман кўрик-танловлари шулар жумласидандир.

”Ҳазрат Навоий куллиёти тубсиз ва адоқсиз уммондир. Бугун шу уммонга ғаввос бўлиб шўнғигим келди.  Ҳозир сизнинг эътиборинизга бебаҳо дуру гавҳарлардан ҳадя қилмоқчиман. Агар бу ҳадям сизга ёқса, бу Навоий даҳоси буюклигидан, агар кўнглингиздан ўрин ола олмасам, бу менинг камчилигим деб билинг”,-деган сўзлар билан  ўз иқтидорини намойиш этиб, Алишер Навоий бобомизнинг 70 дан ортиқ ғазалларини ёддан айтиб, барчани юрагини забт этган туманимизнинг 33-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф  ўқувчиси Зикриёев Шукрулло Хайрулло ўғли “Навоий ворислари” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичида ғалаба қозониб, февраль ойида ўтказиладиган республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Буларнинг барчаси маънавиятимиз, миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги улкан савобли ишлардир. Биз яратилган бу имкониятлардан оқилона фойдалансак, келажакда бундан-да катта ютуқларга эришишимиз мумкин бўлади.

Бадиий ижод маҳсули бўлмиш ҳар бир яратилган китоб зукко ўқувчини фикрлашга, ҳаётдан сабоқ ва завқ олиб яшашга ундайди. Шунинг учун ҳам адабиётни адолат мезони деб аташади. Машҳур шоир, Нобель мукофоти соҳиби И. Бродский таъбирича: “Дунёда китобларни ёқишдан ҳам даҳшатли жиноят бор, бу – уларни ўқимасликдир”. Шундай экан, ҳар биримиз   ёш авлодни келажакда қандай касбни эгаллашидан қатъий назар, кўпроқ китоб ўқишга ундашимиз лозим…

 

     Юқори Чирчиқ тумани Халқ таълими бўлимининг Она тили ва адабиёт,

                                  Ўзбек тили ҳамда қардош тиллар услубчиси                 Ф.Эрназарова                                 

print
image_pdfPDF da yuklashimage_printBosmaga chiqarish

Author: Bahodir

Javob yozing