Жалолиддинни Чингизхон чангалига туширган ҳам, ундан қутқарган ҳам от эди

 

Маълумки, 1221 йил баҳор-ёз ойларида Жалолиддин мўғулларга қарши аёвсиз курашга бел боғлаб, уларга бир неча марта қақшатқич зарба берганидан кейин, Ғазна (ҳозирги Афғонистоннинг шарқида, Покистонга яқин) яқинида, Кобул дарёси бўйидаги Парвон даштида Чингизхоннинг моҳир саркардаларидан бири – Шихи Қутуху нўён бошчилигидаги 45 минглик мўғул қўшинлари устидан ёрқин ғалабага эришди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу жангда Жалолиддин қўшини сони 60 минг атрофида бўлган ҳамда султоннинг жангда қўллаган ҳарбий тактикаси “енгилмас мўғуллар” ҳақидаги афсонани йўққа чиқарган. Лекин бу ғалабанинг ўзи Жалолиддин учун ҳалокатли бўлди. Жанг натижасида қўлга киритилган катта миқдордаги ўлжа тақсимланиши жараёнида Жалолиддин лашкарбошилари – қанғлилардан (Туркон хотун ҳам шу уруғдан) Амин ал-Малик туркманлар йўлбошчиси Сайфиддин Иғроқ билан бир араби оти устида талашиб қолишади (ўлжалар орасида энг ноёб улуш от ҳисобланган. Отлар зотига ва чиройига қараб бир неча минг тиллога баҳоланган). Тортишиш пайтида қизишиб кетган Амин ал-Малик Сайфиддин Иғроқнинг бошига қамчи билан уради. Жалолиддин эса Амин ал-Маликни бу иши учун жазоламайди (Амин Малик Жалолиддиннинг қайнотаси эди, балки бу ҳам сабаб бўлиши, эҳтимол). Бу номусга чидай олмаган ва қаттиқ ранжиган Сайфиддин Иғроқ ўз яқинлари бўлган лашкарбошилар – Азам Малик ва Музаффар Маликларни олиб, Жалолиддин қўшинини тарк этади. Бунинг натижасида хоразмшоҳ қўшини ярмига қисқаради.
Хуфиялари орқали Жалолиддиннинг ички муаммоларидан бохабар бўлган Чингизхон султон қўшинларини қайта бирлашиши ва уларнинг қочишига йўл қўймаслик учун бир ҳафталик йўлни икки кунда босиб ўтадиган даражада тезлик билан тақиб қила бошлайди. Вазиятни тўғри баҳолаган Жалолиддин эса зудлик билан Ҳиндистонга ўтиб кетиш ва у ердан ўзини тиклаган ҳолда Чингизхонга қарши ҳужумни ташкил этиш учун Синд (Ҳинд) дарёси томон ошиқади. 1221 йилнинг 24 ноябрида Жалолиддин Синд дарёсига яқин келганида Чингизхон унга етиб олади ва ўртада, таъбир жоиз бўлса, XIII асрнинг энг машҳур жанги рўй беради. Жангда мусулмонлар қўшинининг марказига раҳбарлик қилган Жалолиддин қўшини ўзидан бир неча баробар кўп бўлган мўғуллар қисмини янчиб ташлайди. Лекин, Чингизхоннинг пистирмада турган 10 минг заҳира қўшини жангга кириши билан (Чингизхон доим ҳам бу заҳирани жангга ташламас эди, бу пайтда у жуда қийин вазиятга тушган) жанг ташаббуси мўғуллар томонига ўзгаради. Қуршаб олинган Жалолиддан ярим кун мобайнида мўғуллар билан олишади. Унинг 2 та оти ишдан чиққач, рикобдорлар (ҳукмдор отини етаклаб юрувчи, ҳукмдор узангиси соҳиби) заҳидаги отни келтиришади. Ушбу отга ўтирган Жалолиддин ўраб олувчиларнинг нисбатан заиф кўринган дарё томонига от солиб, у ерни ёриб чиқади, аҳли ҳарамини ҳам Чингизхон қўлига тушмаслиги учун, уларнинг ёлворишини қондириб, дарёга йўналтиради. Узи эса садоқатли оти билан биргаликда 18-20 метрлик жарликдан дарёга сакрайди. Чингизхон эса Жалолиддиннинг ортидан камон ўқ узмоқчи бўлганларни тўхтатиб, унинг жасоратига лол бўлиб қолади. Шу вақтга қадар Жаҳонгир Чингизхон бундай рақибга дуч келмаган эди.
Хуллас, ўлжалар орасидаги бир қимматбаҳо от саркардалар ўртасидаги зиддиятни келтириб, умумдавлат, умумхалқ тақдири ҳал бўладиган паллада Жалолиддин имкониятларини камайтириб, Чингизхон қуршовида маълум муддат қолишига сабаб бўлди. Иккинчи от эса уни душман қўлидан қутқариб, дарёнинг нариги соҳилига олиб ўтиб кетди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, шу вақтдан бошлаб Жалолиддин мазкур отни эъзозлаб, минмасдан 5 йил, яъни 1226 йил ўз ажали билан ўлгунига қадар ўзи билан олиб юрди (Ҳозирги Грузия пойтахти Тибилиси эгалланиши жараёнида от ўлган эди). Шунинг учун ҳам қадимги ва ўрта аср буюк саркардаларининг ярим баҳодирлигини уларнинг отлари билан боғлаш жоиздир.
А.Т.Замонов

print
image_pdfPDF da yuklashimage_printBosmaga chiqarish

Muallif: Bahodir

Javob yozing